Эсингизда бўлса, бундан анча вақт олдин «Эрини бериб қўядиган аҳмоқ йўқ», деб эримнинг қиз ўртоқларини бир-бир «тинчитгандим». Энди кўнглим хотиржам бўлиб, еган-ичганим ўзимга юқиб, тинчгина яшаётган пайтим эди, қаёқдан ҳам «Галакси» деган бир балони олиб, каминага бўлган эътибори яна сусайди. Ўша синиб, сим картанг чиригур андроиднинг юзини бирам меҳр билан сийпалайдики, азбаройи рашкдан ўлиб қолай дейман. Яначи, сутка – йигирма тўрт соат ўзи билан бирга. Бармоқларини экран устида ўйнатишини айтмайсизми, энг зўр скрипкачи ҳам оғзини шинни бозорга қаратиб, ярим йўлда қолиб кетади. Бунча санъат қаердан, десам, «Одноклассники»дан дарс олаётган экан. Э, тўғрисини айтсам, дарс оляптими, дарс беряптими, аниқ билмайман, лекин бир нарсани билиб қолдим: «Друзья»сида қизлар қалдирғоч боласидай қатор тизилиб турибди. Ора-чорада битта-яримта ўғил боланинг номини кўрмасангиз, қолгани ўша гап. Яначи, уларнинг орасида Саккизта Шакира, олтита Селена Гомес, Кейт Уинслету корейс сериалидаги қизлар, ўзимизнинг юлдузлар ҳам бор эди. Мен ҳам, албатта, «разведка» учун ўз номим билан кирмадим «Одно»га. Оддийгина қилиб Наззора деб қўяқолдим. Яхшиям, бахтимга профилини ёпиб қўймаган экан. «Меҳмон» бўлиб, бир сайру саёҳат қилиб чиқдим-да, интернетдан қидириб, чиройли бир қизнинг суратини олдим-у, ўзимнинг суратим сифатида жойлаб, дўстлик таклифини билдирдим. Эртаси куни ишимдан бехабар эрим «синфдош»имга айланди қолди. «Танишувимиз» ана шундан кейин бошланди. Менга кўрсатмаган меҳр, эътиборни шунчалар самимийлик билан Наззорага кўрсатардики, аламдан ёниб кетардим. Аммо наилож, жанжал билан муаммо ҳал бўлмайди. Иннайкейин, эркак киши аёли изини пойлаганини сезиб қолса, оқибати яхшилик билан тугамайди. Шунинг учун пинҳона ҳужумга ўтиб қўяқолдим. Биринчи қилган ишим «Муносабатлар»да деган жойига «Наззора» деб ёзиб қўйдим. Бунга эътироз билдирмоқчи эди, «хафаман» смайлигини юбордим. У киши-ку, шу билан муносабатларимизни янада кучайтиргиси келди. Бироқ мендан олдин «дўстлашган» қизлардан менга нисбатан куракда турмайдиган ҳақорат ёмғири ёғдирилди. Уларни ҳам бопладим. «Жа ишқида ёниб бораётган бўлсаларинг, танловни Ўткир аканинг (шу исм билан профил очганлар) ўзига қолдирамиз. Кўрамиз, кимни танларкан. Ўзимга бунчалар ишонч билдириб юборганимга ўзим ҳам ҳайрон қолдим. Балки барибир, менга тегишли одам бўлгани учундир. Хуллас, бахтимга мени танлади. Албатта, буларнинг бари менсиз ўтказилган «сўровнома»лардан сўнг аён бўлди. Қандай, дейсизми? Инсофи борлари менга омад тилашди. Баъзилари «Ўткиринг ўзингга сийлов, мен «мусор»га (қора рўйхат бўлса керак) ташлаб юбордим», деди.
Орадан икки ой ўтгач, қарасам, бир-иккитаси ҳали ҳам ўралашиб юрибди. Ўзини бўйдоқ ва ёш кўрсатган эримдан ҳали ҳам умидвор бўлса керак-да. Бунисидан жуда қаттиқ сиқилдим. «Эр бермоқ – жон бермоқ», дейишади. Бўш кетсам, эътибори ўшаларга қаратилиб, қўлдан чиқариб қўйишим аниқ. Шунинг учун суратхонага бориб тўйимиз куни тушган суратимизни «Фотошоп»да яхшилаб ишлаб юзимни интернетдан олган қиз юзи билан алмаштирдим. Уста бола экан, бир зумда ўзгартириб берди. Кейин бу расмни «Одноклассники»га ўрнатиб, «Никоҳда» Ўткир Фалончиев деб ёзиб қўйдим. Кечки овқат вақтида эримнинг аҳволини кўрсангиз эди, сувсиз қолган қовундай буришиб, қизариб кетганди. Бир яйрадим, бир яйрадим, асти қўяверинг.
- Наззора сенми? — сўради охири чидаб туролмаган эрим.
- Қанақа Наззора? — ажабландим ёлғондан. — Гапингизга тушунмаяпман.
- Гўлликка солма ўзингни. Тўйимизда тушган сурат биздан бошқа ҳеч кимда йўқ. Бу сенинг ишинг.
Энди яширишнинг фойдаси йўқ.
- Ўғлингизни кўзига қаранг, — дедим кўзимга ёш олиб. — Мен-ку, майли, лоақал шу норасидани ўйласангиз-чи. Нигоҳингизни мана бу матоҳдан узиб, унга ҳам озроқ меҳр беринг.
Ўғлим ҳам худди ўргатиб қўйгандай, келиб отасининг бўйнидан маҳкам қучиб олди. Хайрият, эримнинг юраги ҳали тош қотмаган экан. Бироз вақт сукут сақлаб турди-да, ўғлимизни қаттиқ бағрига босиб, менга қаради.
- Кечира олсанг… — эримнинг кўзларида ёш ҳалқаланди. Бошқа сўз айтолмади.
Нима ҳам дердим, мақсадим ҳам ўзи шу эди-ку. Узр сўратиш эмас, яна нотўғри тушунманг-а?!
Manba: Bekajon Gazetasidan
|