![]() |
(16.06.2016 21:20) |
(16.06.2016 21:20) |
(16.06.2016 21:19) |
(14.06.2016 22:32) |
(14.06.2016 22:29) |
(14.06.2016 22:28) |
12:48 |
- Лекин мен сиздан хавотир… — Холида кўнглидагини айтиб бўлмасидан гўшакдан «тут-тут»лаган овоз эшитилди. Қиз телефон экранига маъносиз тикилди. Экрандаги чақирув сигнали ўчиб, унинг қалбига озор етказган ўша бераҳмни ўз чоҳига тортиб кетгандек қора тусга кирди. Рақамни қайта терди. Гўшакдан янграган «Рақам ўчирилган» деган гапни охиригача эшитгиси келмади. Аппаратни сумкасига солиб, ихтиёрсиз қадам ташлади. Охири чорраҳага бориб туташган бу йўлак, йўловчилар босганидан оғриниб, «ширт-ширт» овоз чиқариб қўяётган тилла ранг барглар, қизнинг авзойи ўзгарганини сезгандек дарров қовоғини солиб олган булутлар — барчаси Холиданинг эслашни истамаган хотираларини жонлантиришга чоғлангандек эди. Ўшанда уни мана шу йўлакда учратганди. Тўғрироғи, у Холидани шу йўлакда учратган. Ишдан қайтаётган Холида атрофдагиларга деярли эътибор бермай ўтиб кетаётганди. - Вой, манави курсдошни қаранг, кўрмасликка олади-я! — деди қаршисидаги йигит унга кулимсираганча. Холида унга тикилиб турган икки йигитга ажабсиниб қаради-да, бирдан гапирган йигитнинг чеҳраси жуда танишлигини пайқади. - Курсдош, ростданам танимаяпсизми? — сўради йигит ишонқирамай, — сиз Холидасиз-а? Холида Иброҳимова. Йигитнинг тантанавор эълонидан кейин Холида йигитга яхшилаб разм солди ва у билан бирга ўқиганини эслади. «Танидим», деди зўрға кулимсираб, исмини эслолмаётганини сездирмаслик учун. Улар ҳол-аҳвол сўрашишди. Одил шу йўлакда уни тез-тез учратишини, бироқ Холиданинг ҳар доим шошилиб кетаётганини кўргач, гаплашишга фурсат тополмаслигини айтиб ўтди. - Хўш, жиянлардан нечта бўлди? Катта бўлиб қолишгандир-а? — Одилнинг саволи Холиданинг юрагига наштар бўлиб санчилди. - Ҳм-м, — деди-ю, билагидаги соатига тезгина қараб олди. - Узр, сизниям вақтингизни олдим. Телефон рақамингизни берсангиз, салом-алик қилиб турардик. Одилнинг илтимосини Холида рад этолмади. Рақамини айтди. Эртаси куни ишга шошилиб кетаётганида қўл телефонига «СМС» келиб тушди. «Нодир, тезроқ кел, кутиб турибман». Холида кимдир янглишиб унга хабар юборганини пайқаб, йўлида давом этди. Бироқ икки қадам юрмасидан ушбу хабарни ёзган одам уни нотаниш одамга келиб тушганидан бехабар, ўша Нодирни кутаётганини ўйлаб, хабардаги рақамни терди. - Алло, ким бу? — гўшакдан йигит кишининг ўткир овози эшитилди. - Кечирасиз, сиз ҳозир янглишиб менга хабар юборибсиз, шуни айтиб қўяй девдим! — деди Холида бироз довдираб. - Ие, узр, янглишибман! Ким билан гаплашяпман ўзи? Исмингизни билсам бўладими? - Йўқ! — шартта кесди Холида ва телефоннинг қизил тугмасини босди. Шундан кейин бир неча марта ўша рақамдан қўнғироқ бўлди, қиз эса ўчириб қўяверди. Ишхонага етиб боргунча бемаврид қўнғироқдан бироз асабийлашган бўлса-да, кейин иш билан чалғиб, барчаси Холиданинг хаёлидан кўтарилди. Ҳамкасблари билан энди тушликка чиқишганида қўл телефонига курсдоши Одил қўнғироқ қилди. - Кеча рақамингизни олибман-у, қаерда ишлаётганингизни сўрамабман, курсдош. Энди айбга буюрмайсиз, шу пайтда эсимга тушиб қолди, — деди йигит хижолатомуз оҳангда. - Ҳечқиси йўқ, ўз соҳам бўйича ишлаяпман, — деди Холида оғринибгина ва ишхонасининг манзилини қисқача тушунтирган бўлди. - Ўша тарафга йўлим тушса, сизни тушликка таклиф этсам бўладими? Шу баҳонада талабаликни бир эслардик, — деди Одил хайрлашаётиб. Холида тил учида бўлса-да, розилигини билдирди. Кейин эса унга синчковлик билан кўз тикиб турган ҳамкасбларига «курсдошим» деб изоҳ берди. Кечқурун ишдан чиққанида эса гул кўтарган нотаниш йигит унинг қаршисида пайдо бўлди. - Сиз Холидасиз-а?! Мен кеча учратган курсдошингиз Одил аканинг танишиман! Кеча ғира-шира шомда мени эслаб ҳам қолмагандирсиз! — деди йигит ва қўлидаги чиройли қирмизи атиргул гулдастани унга узатди. - Тушунмадим, буни нега менга беряпсиз? - Ўзим, шунчаки… — деди йигит ҳуркович кийикдек унга ҳайрат билан тикилиб турган қизга ўтли нигоҳини қадаб. Холиданинг юраги ғалати ура бошлади. У шу пайтгача ҳеч қачон бундай ўтли нигоҳларни, ёниб турган кўзларни учратмаганди. - Керакмас! — деди қатъийлик билан ўзининг бу нигоҳлар қаршисида ожизланиб бораётганини енгмоқчидек. - Олаверинг, мен ҳаммагаям гул бермайман! — деди йигит истеҳзоли жилмайиб, — тўғрисини айтсам, кеча сизни учратганимдаёқ гул беришни кўнглимга тугувдим. Кўнглим учун олинг энди! Холида бош чайқаб, йўлида давом этди. - Холида, мен сизни ёқтириб қолдим! Бу гапни сизга ҳозир айтмоқчи эмасдим-у, лекин… Эрталаб сизга хабар юборган ҳам мен бўламан. Овозингизни эшитмоқчи эдим, шунга… Қиз тўсатдан айтилган бу дил изҳорини эшитиб, жойида таққа тўхтади. Ортига ўгирилиб, ишонқирамагандек қошларини чимирди. - Тўғриси, кунларнинг бирида қаршимдан чиқасиз-у, сизни севиб қоламан деб сира кутмагандим! Кеча кўрганимдаёқ юрагим ўзимга бўйсунмай қолди. Кўз олдимдан чеҳрангиз кетмайди. Сизни кўргим, ёнингизда бўлгим келади! - Тавба, сиз ҳар бир қизга иккинчи марта кўришингиз билан шундай изҳори дил қиласизми? Ким айтди сизга мени турмушга чиқмаган деб. Оилалиман, қизим бор! - Алдаманг, ҳали турмушга чиқмагансиз. Қизингиз борлиги ҳам ёлғон, кеча буни пайқаганман! Холида йигитнинг гапларидан лол бўлиб қолди. Наҳот, ростданам севиб қолган бўлса, деган ўй кўнглини ҳаприқтириб ўтди. Сир бой бермаслик учун қадамини тезлатди. Йигит ҳам ундан ортда қолмай, туйғуларига қизни ишонтиришга уринди. Лазиз деярли ҳар куни Холиданинг ишдан чиқишини қўлида бир даста атиргул билан кутиб турарди. Аввалига ташқаридан бўлса-да, рўйхушлик бермаган қиз бора-бора унга ўрганиб қолганини сезмай қолди. Шу боисданми, иш вақти тугаши билан тутқунликдан озод этилган қушдек учиб чиқиб кетар, Лазиз эса унга изҳорини айтиб чарчамасди. Бир куни кечқурун Холидани кузатиб қўяётган Лазиз унинг қўлидан ушлаб, ёрилди: - Қачонгача шундай юрамиз? Келинг, бирга яшайлик! - Ие, бу нима деганингиз? Совчилик деган гаплар бўларди. Уйдагиларингизга айтсангиз…- мавриди келганидан фойдаланиб, ёрилди қиз. - Мен болалар уйида катта бўлганман, ҳеч кимим йўқ! Шу пайтгача бу ҳақида оғиз очмаганим сабаби кўнглингиз қолишидан қўрқдим! Шу ёшимгача уйланмай юрганимнинг сабаби ҳам шу. Агар уйдагиларингизни рози қилсангиз, никоҳ ўқитиб, тинчгина яшайверамиз! Менинг тўй қилишга умуман имконим йўқ! Яхшиси, озроқ қарз бериб туринг, керак бўлиб турибди. - Нимага керак? — йигитнинг гапларидан бутунлай довдираб қолган бўлса-да, хавотир билан сўради қиз. - Соғлиғим яхши эмас! Буйрагимни даволатишим керак! — деди йигит бошини эгиб. Холида шу тобда негадир ундан нафратланиб кетди. Шу пайтгача ундан ҳақиқатни яшириб юргани, сўнгги илтимоси… бироқ туни билан ухлаёлмади. Ўгай онанинг қўлида вояга етгани, унинг зуғумларидан қочиб, шу шаҳардан паноҳ топгани, ўқишини тугатиб, ишлаб қолгани, ниҳоят, бувисининг вафотидан кейин қайта қишлоққа бормаганини эслади. Шунча кўргиликлардан кейин энди бахтимни топдим деганида Лазизнинг бундай йўл тутгани унга алам қилиб кетди. Бироқ юраги Лазизнинг муҳаббатини қўмсар, ундан воз кечишга кўнмас, унинг бетоблигини ўйлагани сайин эса ич-ичидан тўкилиб бораётгандек бўлаверарди. Йигит кишининг аёлдан қарз сўраб муҳтож бўлишини ҳазм қилолмаса-да, ўзга чора йўқ. Эрталаб Лазизга қўнғироқ қилиб, маошидан орттирган пулларини берди. - Тезроқ даволанинг, — деди қайта-қайта тайинлаб. Ўша куни Холида Лазиздан хавотирланиб, қўлига пул тутқазган куни ҳафтанинг чоршанбаси эди. Ундан кейин бир нечта чоршанба ўтди, Лазиз эса сувга чўккан тошдек ғойиб бўлганди. Холида унинг қўл телефонига қайта-қайта қўнғироқ қилар, «ўчирилган», деган овозни эшитиши билан ҳафсаласи пир бўлиб, йиғлагудек ҳолга тушарди. Бугун эса дугонасининг маслаҳати билан нотаниш рақамдан қўнғироқ қилди-ю, гўшакдан Лазизнинг овозини эшитиб, ҳаяжондан ўзини йўқотаёзди. - Соғлиғингиз яхшими? Сиздан хавотирланиб қўнғироқ қиляпман. Нега йўқолиб қолдингиз? — деб сўрамоқчи эди. Лекин йигитнинг гапларидан дами ичига тушиб кетди. Айниқса, «Шу пулингни қайтараман, қари қиз!» дегани юрагига ўқдек санчилди. Лазиз билан боғлана олмагач, Одилга сим қоқди. - Ие, сиз Лазизни қаердан танийсиз? Ҳа, бир марта мендан сизнинг рақамингиз билан иш манзилингизни олувди. Оббо, учар-ей, ёнингизга борган экан-да. Роса устомон «қиз овловчи»да у. Ўзиям, уддабурон, топиш-тутиши яхши қизларни овлайди. Икки ой бурун бир бойваччанинг қизини илинтирган экан, уйланмагунча қўймади, уддабурон! Холида индамай телефонини ўчирди. Унинг елкасига илиқ ёмғир томчиси келиб қўнди. Эрталаб қуёшга ишониб, енгил кофтасини кийиб чиққанди. У ҳавонинг авзойини англамоқчидек самога нигоҳини тикди. Ёмғир энди унинг юзларига, кўзларига томчилади. «Бувижон, ёшим ўттизга етай деб қолди. Сиз айтган ўша осмон никоҳим қачон ерга тушади? Мен тенгиларнинг болалари мактабга чиқди. Мен бўлсам, ҳалиям осмонга кўз тикиб ўтиб кетяпман. Биламан, сиз, онам мени ўша ёқдан кўриб турибсизлар. Менга осмон никоҳимни юборинглар, илтимос! Фақат у ёлғончи, дилозор қиёфасида келмасин?!» Холиданинг ғунча лабларига ёмғир томчилади. Эти жунжикиб, тезроқ уйга етиб олиш учун қадамини тезлатди. Эшикдан кириши билан ётоғига ўзини уриб, ҳўнграб йиғлаб юборди. У токи юраги бўм-бўш бўлиб қолгунча йиғлади. Кўз ёшдан ҳўл бўлиб кетган болишидан бошини кўтарганида эса тонг ёришиб, дарахтлар орасидан қуёш мўралай бошлаганди. У бугун қушдек енгил бўлиб уйғонди. Туни билан Яратгандан «Бу муҳаббатни ўзинг бердинг ва охири қандай якунланганини ўзинг кўрдинг. Менга раҳминг келсин, уни юрагимдан чиқариб ташла!» деб ёлвориб чиққанини эслади ва юрагига қулоқ тутди. Совуқ, аламзада туйғу ҳувилларди. Бу тавба ва илтижо унинг ҳаётида янги, бенуқсон саҳифани очишини қиз астойдил истарди. Ҳусния ПАРДАЕВА Manba Bekajon Gazetasidan |
|
Всего комментариев: 0 | |