![]() |
(16.06.2016 21:20) |
(16.06.2016 21:20) |
(16.06.2016 21:19) |
(14.06.2016 22:32) |
(14.06.2016 22:29) |
(14.06.2016 22:28) |
20:37 |
Ота-онам, яқин қариндошларим ҳам ўқимаган, содда инсонлар эди. Аммо зиёли одамларга ҳурмат ва ҳавас билан қарашарди. Хуллас, албатта, ўқийман, деган ният билан улғайдим. Тарихга қизиққаним учун шу фанни чуқур ўқидим. Мактабни битиргач, ота-онамнинг оқ фотиҳаларини олиб, вилоятимиздаги университетнинг тарих бўлимига ҳужжат топширдим. Имтиҳон топшириш учун келган абитуриентлар шу қадар кўп эдики, кўриб оғзим очилиб қолди. Ҳаммаси ҳам ақлли, билимли йигит-қизлар эди. Ўйлаганимдек, ҳали билимларим саёз экан: имтиҳондан йиқилдим… Уйга кўз ёши қилиб келдим. Онам юпатиб: - Яна бир йил ўқи, майли, уй ишларидан озодсан, зора кирсанг… -деди. Кўнглимни чўктирмай, яна тайёрланишга киришдим. Узоқ кутилган август етиб келди. Яна ҳаяжон, яна юзлаб абитуриетлар, мушкул саволлар… Имтиҳон пайти бари ўқиганларим бирдан ёдимдан чиқиб, гарангсиб қолдим. Бу сафар ҳам омадим келмади. Отам онамга: - Икки марта уринди, тақдирида йўқ экан. Энди ўқишни бас қилсин, тадоригингни кўр, узатамиз, — деди. Мен тенги қизлар бирма-бир турмушга чиқаётганди. Биз томонларда қизларни ўқиб олий маълумотли бўлишга ундашмас, иложи борича эрта узатиб юборишар эди. Отамга қарши боролмасдим. Начора, рози бўлдим. Икки йилдан бери келаётган совчилардан бирини ўзим танлашимга имкон беришди. -Тўйдан кейин ўқишимга, талаба бўлишимга қаршилик қилмайдиган оилага розилик бераман, -дедим. Вилоят марказида яшайдиган, отаси вафот этиб, онаси қўлида улғайган, олий маълумотли, касб-корли бир йигитдан элчи келди. Иккита узатилган опаси ҳам бор экан. Ота-онам уларга шартимни айтишибди. Йигитнинг онаси: - Вой, айланайин, ўзим ўқитиб оламан, — деб ваъда берди. Йигит билан учрашдик. Бир-биримизга маъқул бўлдик. Унга ҳам биргина орзуйим — муаллима бўлиш эканини айтдим. У киши: - Агар билиминг етса, ўқишга киришингга қаршилигим йўқ, -деди. Хуллас, қуда томон билан келишилгач, тўй бўлиб ўтди. Тўйимиз август ойида бўлгани учун бу сафар ўқишга хужжат топшира олмадим. Янаги йилни мўлжал қилиб, келинлик вазифаларига киришдим. Янги оиламга тез кўникдим. Қайнонам яхши аёл эди, турмуш ўртоғим ҳам меҳрибон чиқди. Ҳаётимдан мамнун эдим. Кузнинг ўрталарига келиб, бўйимда бўлди. Бу қувончли хабар ҳар икки томонни ҳам хурсанд қилди. Уй ишларидан ортганимда, дарҳол ўқув дарсликларини варақлардим. Билимларим эсимдан чиқиб кетмаслиги учун такрорлашни канда қилмасдим. Кечалари тунчироқда китоб ўқиётганимни кўрган турмуш ўртоғим кулиб: - Болам тарихчи олим бўлиб кетмасин, тағин, — дерди. …Июннинг охирларида кўзим ёришини айтишди. Мен эса биринчи август куни имтиҳон топширишни ўйлардим. Бу ҳақда қайнонамга маслаҳат солдим. - Қизиқмисиз, келинжон, аввал эсон-омон туғиб олишни ўйланг, -деб танбеҳ берди. Ҳар эҳтимолга қарши қабулхонага ҳужжатларимни топширдим. Имтиҳонга тўрт кун қолганида тўлғоқ тутди. Қайнонам билан туғруқхонага йўл олдик. Пешинга бориб, ўғил кўрдим. Эрим иккимизнинг қувончимиз чексиз эди. Аммо… бу йил омадимни синаб кўра олмаганим дилимни сал хира қилиб турарди. Зарари йўқ, дедим ўзимга-ўзим. Болагинам бир ёшга тўлгач, бемалол ўқишга топширишим мумкин. Барибир, чақалоқ билан ўқий олмасдим, деб ўзимни юпатдим. Фарзанд ўстиришнинг ўзи бўлмас экан. Бедор кечалар, чарчоқ, қайнона ва эримнинг хизматида бўлиш, ош-овқат, бола парвариши жуда ҳоритди. Бир йил ичида қўлимга битта китоб ушлаганим йўқ. Бори ҳам эсимдан чиқиб кетди. Энди талаба бўлиш армон бўлиб қолса керак, деб ўкинардим. Эрим ҳам берган ваъдасини унутиб: - Бу ёғига ўғлим икки ёш бўлгунича парваришла, қаровсиз қолмасин, — дерди. Қайнонам ҳам: - Неварам иккига кирса, кейингисига ҳаракат қилинг, аёл киши кучи борида туғиб-туғиб олгани яхши, — дерди. Ўғлим Беҳруз бир ёшга тўлганида, таваккалига ўқишга топширдим. Бу ҳақда уйдагиларга айтмадим. Ҳали кираманми, йўқми… такрорлаб турмаган бўлсам-да, анча нарса эсимда экан. Таниш саволларга осонлик билан жавоб топдим. Хурсанд ҳолда, имтиҳондан чиқдим. Интиқиб мандатни кута бошладим. Лекин… атиги икки балл етмай, «йиқилибман». Хуллас, муаллима бўлишдан умидимни уздим. Бир умр уй бекаси бўлиб қоламан, шекилли. Кайфиятим тушиб кетди. Ҳолатимни қайнонам дарров сезди: - Келинжон, аёл киши учун болалари, эри, оиласидан ортиқ шарафли касб йўқ. Ҳали мени айтди дерсиз, — деб кўнглимни кўтарди. Аммо беш йиллик уринишдан сўнг енгилиш мен учун оғир эди. Турмуш ўртоғим бир куни уйга яқин дўстлари ва уларнинг аёлларини меҳмонга чақирдию, менинг тақдирим ҳам ўзгарди… Меҳмонлар келгач, ўзаро танишув бошланди. Эримнинг яқин дўстлари бўлмиш Носирнинг хотини фирмада ҳисобчи, Жалолнинг хотини эса боғчада тарбиячи экан. Ҳар икки аёл ҳам ўқиган, дунёқараши кенг эди. Эрим мени таништирганда, улар дарҳол: -Қаерни битиргансиз? -деб сўрашди. Жим бўлиб қолдим. Беш йиллик изтиробларим кўзимда ёш бўлиб оқди. Ҳолатимни яшириш учун ошхонага чиқиб кетдим. Эримнинг: - Ўқишга энди топширади… -деган гапини эшитдим. Йўлига айтди-да, деб ўйлагандим. Йўқ, дўстларининг олдида ноқулай ҳолга тушган шекилли, менинг ўқиб, олий маълумотли бўлишимни истаб қолди. - Ҳали анча вақт бор, тайёргарлик кўр. Олийгоҳдаги бир тарихчи аёл домла билан гаплашиб қўйдим. Сенга репетиторлик қилади, — деб айтди. Қайнонам аввалига рози бўлмади. У кишини базўр кўндирдик. Ўғлимни қайнонамга қолдириб, кунора дарсга қатнардим. Билимларимни мустаҳкамлаб, имтиҳон топширдим. Бу гал менинг орзуйим ушалди: талаба бўлдим! Фақат… шартнома асосида. Эрим буни эшитиб, хурсанд бўлди. Қайнонам эса: - Шартнома пулини қандоқ тўлаймиз? — деб боши қотди. Ота-онам яқинда укамни уйлантирганликлари учун улардан пул сўрай олмасдим. Уйда фақат эрим ишлайди. Маоши рўзғордан ортмасди. Ўйда қолдим. Наҳот, олтинчи йилда ўқишга кириб, ташлашга мажбур бўлсам… Бир куни қайнонам мени ёнига чақириб: - Келинжон, биламан, муаллима бўлишни орзу қилгансиз. Ўзим ўқимаганим учун бундай гапларни тушунмагандирман. Ўйлаб кўрсам, ўқитувчи бўлсангиз, набираларимнинг тарбияси ва ўқиши ҳам намунали бўларкан. Ўқийсиз, болам. Мана бу тиллаларим, — у киши шундай деб қўлларидаги қутичани очдилар, — дунёдан ўтиб кетсам, қизларим ва сизга қолдираман, деб юргандим. Ундан ҳам яхшиси, набираларим онасининг ўқиши учун сарфласам, савоб бўларди. Сотиб, шартнома пулини тўлаймиз. Кўзларимда ёш билан қайнонамни қучоқлаб олдим. Туйғуларимни ифодалашга тилим лол эди. Ўзимга келиб уларга миннатдорчилик билдирдим. Ўз онам каби суйиб қолдим… Бир жуфт зирак ва узукни сотиб, шартнома пулини тўладик. Ўқиш бошланди. Қайнонам боламга қарар, мен эса тушгача ўқиб қайтардим. Ўғлим боғчага бора бошлагач, ўқишим осонлашди. Турмуш ўртоғим билан то битиргунимча фарзанд кўришни режалаштирмай турдик. Учинчи курсдан ўзим ҳам репетиторлик қила бошладим. Пулларни йиғиб, шартнома тўлашга сарфлардим. Ниҳоят, тўрт йил ўтиб, дипломни қўлимга олишим билан қайнонамнинг ёнига бориб, оқ фотиҳа сўрадим. - Илоё, болаларга дарс бериб, толманг, болам… Ёнимиздаги мактабда тарихдан дарс бера бошладим. Яқинда ўғлим ҳам мактабга қадам қўяди. Турмуш ўртоғим оилага кираётган барака, ўғлимнинг билимга ташна эканидан мамнун. Оилада аёлнинг ҳам ишлаши ҳар томонлама фойдали эканига ишонган оила аъзоларим мени яхши кўришади, ҳурмат қилишади. Ҳеч қачон орзуйингиз сари одимлашдан тўхтаманг. Баъзи ёш келинларнинг «эрим ўқитмади», «қайнонам ўқишдан чиқариб олди», деган гапларини эшитиб куйинаман. Ахир, келажак авлод тарбияси ўқиган, таълим олган оналар қўлида-ку? Азиз, ота-оналар, беклар, акалар! Қизларимиз, келинларимиз, аёлларимизнинг ўқиб-ўрганишига, ўз касбининг етук мутахассиси бўлишига қаршилик қилманг, аксинча, кўмаклашинг. Зеро, ўқиган, иш билан банд бўлган аёл тилидан ҳеч қачон ёмон сўз чиқмайди, оиласида ҳам тинчлик бўлади». Manba: Bekajon Gazetasidan |
|
Всего комментариев: 0 | |